Ўзбекистонда суғурта фаолиятини такомиллаштириш бўйича қонун имзоланди

 Ўзбекистонда суғурта фаолиятини такомиллаштириш бўйича қонун имзоланди

Қонунда суғурта бозорининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш масалалари қамраб олинган

Ўзбекистон Президенти томонидан 23 ноябрь куни «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонун имзоланди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, қонун 72 моддадан иборат бўлиб, суғурта фаолиятини тартибга солиш, соҳага илғор халқаро тажрибаларни жорий қилиш ҳамда суғурта соҳасидаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Шунингдек, суғурта турларини кўпайтириш, барқарорлигини таъминлаш билан мутаносиб равишда аҳолининг суғурта маданиятини ошириш ҳам назарда тутилган.

Қайд этилишича, қонунда суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари (суғурта ташкилотлари, суғурта брокерлари, аджастерлар, ассистанслар, актуарийлар, сюрвейерлар) ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланган. Суғурта шартномаларини электрон тарзда интернет орқали тузиш жараёни қонун билан мустаҳкамланмоқда.

Шу билан бирга, қонун билан суғурта бозори профессионал иштирокчилари фаолиятини жонлантириш, шунингдек, умумий суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг ролини ошириш орқали суғурта бозори инфратузилмасини ривожлантириш ва кенгайтириш, суғурта хизматлари истеъмолчилари ва суғурта фаолиятининг бошқа субъектлари ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлаш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, аҳолининг суғурта борасидаги саводхонлиги ва ишончини ошириш, суғурта бозорининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш каби масалалар қамраб олинган. Қонун расмий эълон қилинган санадан бошлаб уч ой ўтгандан кейин кучга киради.

Мавзуга оид