Ўзбекистонда балиқларнинг янги тури кашф қилинди

 Ўзбекистонда балиқларнинг янги тури кашф қилинди

Ўзбекистон географик жиҳатдан ўзига хос минтақада жойлашганлиги боис унинг ҳайвонот дунёси ҳам бошқа ҳудудлар фаунасидан етарлича фарқ қилади.

Умуртқали ҳайвонлар бошқа ҳайвонлар орасида нисбатан юксак тузилишга эгалиги билан ажралиб туради. Ушбу ҳайвонлар орасида янги турларнинг топилиши эса фан оламидаги камёб ҳодисалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон сув ҳавзаларидаги балиқларни тадқиқ қилиш билан шуғулланувчи ватандошимиз биолог-ихтиолог Бахтиёр Шералиев куни кеча ўлкамиз ихтиофаунаси учун янги балиқ турини кашф қилишга муваффақ бўлди. Кашфиёт халқаро «Journal of Fish Biology» журналида расман эълон қилинди.

Фарғона водийси сув ҳавзаларида учрайдиган, аввал фанга маълум бўлмаган янги балиқ турига у кашф қилинган ҳудуд – Фарғона водийси шарафига Фарғона ялангбалиғи (Triplophysa ferganaensis) деб ном берилди. Янги тур водийнинг тоғли ҳудудлари сувларида учрайди.

-Аксарият тадқиқотчилар бизнинг минтақамиздаги барча ҳайвон турлари ўрганиб бўлинган, деб ҳисоблайди. Аслида бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўлкамиз сув ҳавзаларини тадқиқ этар эканман, бизда ҳали ўрганилмаган турлар етарлича эканлигига борган сари ишончим комил бўлиб бормоқда. Биз кашф қилган янги балиқ тури бунга ёрқин мисол бўла олади, – дейди тадқиқотчи Бахтиёр Шералиев.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон сув ҳавзаларидан сўнгги марта янги балиқ турнинг кашф этилиши ўтган асрнинг ўрталарига тўғри келар экан. Янги тур сўнгги 70 йилликда топилган янги балиқ тури ҳисобланади. Ундан бу балиқ мана шу ўтган вақт ичида пайдо бўлиб қолганми деб сўраганимизда, “йўқ, бу балиқ азалдан бор бўлган, унинг ер юзида пайдо бўлганига бир неча миллион йиллар бўлган. Шунчаки аввал бу балиқ тури олимлар назаридан чет қолиб кетган. Қолаверса, юртимизнинг тоғли минтақаларидаги кичик дарёларнинг ихтиофаунаси ҳали тўлиқ ўрганиб чиқилмаган. У ерда ҳали ўзининг ўрганилиши кутиб турган бир қанча турлар борлигига ишонаман, – деб жавоб берди.

Ўлкамиз балиқлар фаунасига янги турнинг қўшилгани барча биолог олимларнинг изланиш маҳсулидир.

Манба UzA

Мавзуга оид