Ўзбекистон Президентининг Россияга ташрифи давомида 18 та ҳужжат имзоланди (+рўйхат)

 Ўзбекистон Президентининг Россияга ташрифи давомида 18 та ҳужжат имзоланди (+рўйхат)

Ҳукуматлар ўртасида биологик хавфсизлик ва халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорликка оид битимлар, шунингдек, беш йиллик иқтисодий ҳамкорлик дастури имзоланди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 19 ноябрь куни Москвага бир кунлик ташрифи доирасида Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар доирасида 18 та икки томонлама ҳужжат имзоланди.

Музокаралар якунида президентлар халқаро ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзоладилар.

Ҳужжатда «глобал ахборот маконини шакллантирувчи ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва улардан фойдаланишдаги мисли кўрилмаган ютуқлар, уларнинг ҳаётнинг барча жабҳаларига таъсири ўсиб бораётгани» тан олинган.

Унда замонавий АКТдан «халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш вазифаларига мос келмайдиган мақсадларда» фойдаланиш имкониятлари ортиб бораётганидан хавотир билдирилган. Ушбу технологиялардан фойдаланиш «фуқаролар, жамият ва давлатга тобора кўпроқ тўғридан-тўғри хавф туғдирмоқда», дейилади баёнотда.

Президентлар ахборот-коммуникация технологияларидан бузғунчи мақсадларда ва ноқонуний фойдаланиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган давлатлараро низоларнинг олдини олиш ва уларни тинч йўл билан бартараф этиш тарафдори эканини таъкидладилар.

«Давлат раҳбарлари жаҳон ҳамжамиятини АКТдан халқаро ҳуқуқ нормаларига зид ҳолда ҳарбий-сиёсий мақсадларда фойдаланиш ҳамда душманона ҳаракатлар ва тажовузкорлик актларини амалга оширишга йўл қўймаслик, ушбу технологиялардан террористик ва бошқа жиноий мақсадларда, шунингдек, давлатлар суверенитетига путур етказиш ва уларнинг ички ишларига аралашиш учун фойдаланишга йўл қўймаслик мақсадида зарур чораларни қўллашга чақиради», — дейилади баёнотда.

Ўзбекистон ва Россия президентларининг фикрича, БМТ шафелигида рақамли муҳитда давлатлар суверинетини ва тенг хавфсизлигини таъминлаш, ахборот муҳитида тўқнашувларнинг олдини олиш ва АКТдан фақатгина тинч мақсадларда фойдаланишга қаратилган «давлатларнинг ахборот маконида масъулиятли хатти-ҳаракатларининг умуминсоний нормалари, қоидалари ва тамойиллари»ни ишлаб чиқиш халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Бошқа ҳужжатлар

Кремл сайтида имзоланган 11 ҳужжат рўйхати мавжуд:

  1. Ҳукуматлар ўртасида Халқаро ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
  2. Ҳукуматлар ўртасида 2022−2026 йилларга мўлжалланган комплекс ҳамкорлик дастури;
  3. Ҳукуматлар ўртасида биохавфсизлик масалалари бўйича ўзаро англашув меморандуми;
  4. Россия Маориф вазирлиги ва Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ўртасида таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув;
  5. Россия Маориф вазирлиги ва Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида «Малыш» («Миттивой») қўшма лойиҳасини амалга ошириш бўйича меморандум;
  6. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги 2022−2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
  7. Россия тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасининг Ўзбекистон тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси билан ҳамкорлик қилиш ва қўшма инвестициялар тўғрисидаги битим;
  8. 3. «ВЭБ.РФ» давлат тараққиёт корпорацияси ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати ўртасида Олмалиқ шаҳрида мисни қайта ишлаш заводи мажмуаси (МОФ-3) қурилишини молиялаштириш учун кредит шартномаси;
  9. 1. ВЭБ.РФ ва «Ўзбекнефтгаз» ўртасида Россия маҳсулотлари, иш ва хизматларини етказиб беришни молиялаштириш бўйича кредит шартномаси;
  10. 2. ВТБ банк (Россия) ва Ўзбекистон Иқтисодий ривожланиш ва қамбағалликни қисқартириш вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
  11. 3. Ўзбекистон Стратегик ривожланиш агентлиги ва Россиянинг «Янги лойиҳаларни илгари суриш бўйича стратегик ташаббуслар агентлиги», «Миллий технология ташаббуси платформаси» ва «Миллий технология ташаббуси университети 2035» автоном нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми;

Аввалроқ Россия ва Ўзбекистон икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида 2022−2026 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури имзолагани маълум бўлганди.

Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистон ва Россия ўртасида 2022−2026 йилларга мўлжалланган кенг қамровли иқтисодий ҳамкорлик дастури имзоланган.

Дастур ҳозирда амалда бўлган келишув ўрнини босади. Янги ҳужжатда пандемиядан кейинги даврда тегишли воситалар, жумладан, электрон тижорат, иқтисодиётни рақамлаштириш, энергия ва сувни тежайдиган янги технологиялардан фойдаланган ҳолда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, миграция соҳасидаги ёндашувларни такомиллаштириш зарурлиги ҳисобга олинган.

Мамлакатлар COVID-19 га қарши кураш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, вакциналар ишлаб чиқариш, коронавирус билан касалланган беморлар профилактикаси, ташхиси ва даволаниши бўйича тажриба ва ахборот алмашишни режалаштирган. Дастур савдо, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, алоқа, молия, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм, ҳудудлараро ҳамкорликни ҳам қамраб олади.

«ЭО» таҳририяти Ўзбекистоннинг Россия билан савдосида юз берган ўзгаришлар бўйича расмий статистикани ўрганиб чиқди.

Россия асосан тўқимачилик, пойабзал, озиқ-овқат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги хом ашёси, каучук, металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотларни сотиб олади. Шу билан бирга Ўзбекистон Россиядан машина, асбоб-ускуна, ёғоч, кимё саноати моллари ва минерал маҳсулотларни сотиб олади.

Айни пайтда давлатлар 150 дан ортиқ қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда, уларнинг умумий қиймати қарийб 14 миллиард долларни ташкил этади.

Мавзуга оид