Жамият

Хўжакўрсин

single-image

Кеча, 1 декабрь куни, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги IMEI-кодлар ҳақида баёнот берди.

(http://mitc.uz/uz/news/1071)«Aйни кунларда мобил қурилмаларининг IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш масаласи, ОАВларда кенг ёритиб борилмоқда. Шундай бўлсада, ҳар бир фуқаро учун муҳим бўлган ушбу тизим ҳақида кўплаб саволлар юзага келмоқда. Шуни эътиборга олиб IMEI-код (ҳақида) энг кўп берилаётган долзарб саволларга яна бир бор ойдинлик киритамиз», – дейилади вазирлик ахборотида.

Лекин ахборотни ўқисангиз, ҳеч ҳам долзарб саволларга жавоб берилмаган. Балки шундоқ ҳам ҳамма биладиган маълумотлар, яъни IMEI-код нима, уни қандай аниқлаш мумкин, рўйхатдан ўтказиш учун қаерга мурожаат қилиш керак, қанча тўлов тўлаши керак ва ҳ.к.

Аммо менинг постимдаги (https://t.me/xushnudbek/3723) ва бошқалар берган (https://t.me/shahnozxon/507) асосий саволларга жавоб берилмаган. Бошқача айтганда бу ахборот шунчаки хўжакўрсинга эълон қилинган. Сабаби АОКА давлат ташкилотлари томонидан барча танқидий мақолаларга муносабат билдириш кераклигини назорат қилмоқда. Вазирлик эса IMEI-кодлар ҳақидаги танқидий постларни мана шу хабар билан ёпмоқчи шекилли. “Жавоб бердимми, бердим” деган принцип.

Аммо бунақа ахборотлар халқнинг устидан кулишдан бошқа нарса эмас. Нега дейсизми? Сабаби вазирлик сайтида “IMEI” деб қидирувга бериб кўрдим. Чиққан жавоблардан шуни билдимки, вазирлик шу пайтгача бирор марта, ҳа, ҳа, бирор марта IMEI-кодларини қандай рўйхатдан ўтказиш мумкинлиги ҳақида тушунтириш бермаган экан. Илк марта бундай ахборотни кеча, яъни 1 декабрда берибди. Унгача берилган хабарларда шунчаки янги тизим мақсади ва матбуот анжуманлари ҳақида маълумот бор холос.

Энди ўзингиз айтингчи, 8 ой давомида рўйхатдан ўтказиш бепул бўлганда ахборот бермасдан, айнан пулли бўлган куни вазирликнинг бу ҳақида маълумот бериши халқнинг устидан кулиш эмасми? Нима, улар атайин пулли бўлиш кунини кутишдими? Ажойиб, жуда ажойиб!

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан илтимос қилмоқчи эдимки, айни шу масалада вазирлик ва бошқа масъул мансабдорлар матбуот анжумани ўтказишсин. Масала жуда долзарб ва бизнинг кўплаб саволларимиз бор. Кечагига ўхшаган хўжакўрсин ахборотлар бизни қаноатлантирмайди. Имкони бўлса, шахсан вазирнинг ўзи қатнашсин. Ахир бу миллионлаб фуқароларга бевосита дахл қилувчи қарорку. Вазир миллионлаб фуқаролар учун вақт ажратмаса, нима қилиб вазир бўлиб ўтирибди?

Калаванинг учи

Вазирлик сайтидаги қидирувларим пайтида қизиқ бир хабарга (http://mitc.uz/uz/news/425)кўзим тушди. 2017 йилда эълон қилинган ушбу ахборотда айнан IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш режалаштирилаётгани ва бундан кўзланган мақсадлардан бири «маҳаллий мобил қурилма ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлашга, маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами ва сифатини оширишга замин яратиш» эканлиги ёзилган экан. Ўзбекистонда маҳаллий телефон ишлаб чиқарувчи компания, бу – ARTEL!

Аҳааа, демак, бу янгиликни жорий этишдан мақсадлардан бири Artel компаниясини қўллаб-қувватлаш бўлган эканда? Демак, Artel телефонлари кўпроқ сотилиши учун халққа 50 минг сўмдан 100 минг сўмгача “солиқ” солинган эканда?

Аммо энг қизиғи 2019 йилга келиб бу ҳақида бирорта расмий манбада «маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш» мақсади ҳақида ёзилмаяпти. Фақат ноқонуний савдо, жиноятчиликка қарши кураш, йўқолган телефоннинг топилишини айтишмоқда холос. Чунки халқнинг онгги 2017 йилдагидан анча ошди, энди улар бундай баёнотлардан фақат жунбушга келмоқда. Лекин касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади.

Майлида, ҳар кимга Худо инсоф берсин. Бошқачасига ечим йўқ, менимча.

Оставить свой комментарий

Ваш адрес электронной почты не будет опубликован

Вам также может понравиться